2027-2029 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар доирасида асосий сценарийдан четлашишга олиб келиши мумкин бўлган кўплаб омиллар мавжудлигидан келиб чиқиб, инфляция ва бошқа макроиқтисодий кўрсаткичларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим омиллар бўйича муқобил сценарийлар ишлаб чиқилган.
Хусусан, қуйидаги омилларнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларига таъсири ҳамда улар рўёбга чиққан тақдирда пул-кредит сиёсатининг эҳтимолий жавоб чоралари баҳоланган.
Савдо ҳамкорлари валюталари алмашув курсларининг сезиларли даражада қадрсизланиши таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,8-1 фоиз бандга юқори, иқтисодий ўсиш эса 0,1-0,2 фоиз бандга пастроқ шаклланиши мумкин.
Глобал бозорларда нефть нархининг кескин ошиши таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,3-0,5 фоиз бандга юқори, иқтисодий ўсиш эса 0,3-0,4 фоиз бандга пастроқ шаклланиши
мумкин.
Жаҳон озиқ-овқат нархларининг сезиларли даражада ошиши офибатида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,2-0,4 фоиз бандга юқори, иқтисодий ўсиш эса 0,05-0,15 фоиз бандга пастроқ шаклланиши тахмин қилинмоқда.
Банк тизимида рақобатнинг кучайиши ҳисобига иқтисодиётда кредитлаш фаоллигининг ошиши ҳисобига инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,6-0,9 фоиз бандга, иқтисодий ўсиш эса 0,25-0,35 фоиз бандга юқори бўлиши мумкин.
Регуляторнинг тушунтиришича, муқобил сценарий таҳлилининг асосий мақсади келгусида юзага
келиши мумкин бўлган барча ҳолатларни олдиндан прогноз қилиш эмас, балки турли иқтисодий шароитларда пул-кредит сиёсатининг эҳтимолий йўналишларини баҳолаш ва зарур ҳолларда ўз вақтида, олдиндан чоралар кўришга тайёрликни таъминлашдан иборат.